Jump to content

Грузия

From Vikipediya
Грузия Республикаси
საქართველო
Сакартвело
Шиорძალა ერთობაშია (Куч бирликда)
Мадҳия: თავისუფლება;Тависуплеба (Озодлик)
Лоcатион оф Грузия
Пойтахт Тбилиси
Энг катта шаҳар Тбилиси, Кутаиси, Батуми, Рустави
Расмий тил(лар) грузинча (гуржинча)
Ҳукумат Парламентар-президентлик республика
Саломе Зурабишвили
• Бош вазир
Георги Гахариа
Мустақиллик (Совет Иттифоқидан)
• Сана
9-апрел 1991
Майдон
• Бутун
69 700 км2 (118-ўрин)
• Сув (%)
<1
Аҳоли
• 2015-йилги рўйхат
3 729 500 (130-ўрин)
• Зичлик 65/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2014-йил рўйхати
• Бутун
34,209 миллион $ (110-ўрин)
• Жон бошига
7 139 $
Пул бирлиги Лари (ГЕЛ)
Вақт минтақаси УТC+4
Қисқартма ГЕ, ГЕО
Телефон префикси 995
Интернет домени .ге

Грузия ёки Гуржистон, расман Грузия Республикаси (грузинча: საქართველო [сɑкʰɑртʰвɛлɔ], Сакартвело) — Кавказортининг марказий ва гарбий қисмларида, Қора денгизнинг шарқий қирғоқида жойлашган мамлакат. Қисман Шарқий Европанинг энг чекка жануби-шарқий қисмида, қисман Яқин Шарқнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган. Умумий майдони 69 700 км²2. Аҳолисининг умумий сони 3 729 500 киши (2015). Пойтахти — Тбилиси шаҳри.

Шимолда Россия, жанубда Арманистон, жануби-ғарбда Туркия, шарқда ва жануби-шарқда Озарбайжон билан чегарадош. Грузия маъмурий ҳудудий бўлиниш бўйича 2 та мухтор республика ва 10 та вилоятдан иборат (грузинча: მხარე / мхаре). Ушбу мухтор республикалар ва вилоятлар 59 та мунисипалитетга бўлинган. 4 та шаҳар: Батуми, Кутаиси, Поти ва Рустави вилоятлар ҳуқуқига эга. Грузия ҳудудига кирувчи 2 та мухтор республика: Абхазия ва Жанубий Осетия де-факто қисман тан олинган мамлакатлар ҳисобланади ва ушбу республикалар ҳудудлари Грузия томонидан де-факто бошқарилмайди. Ушбу ҳудудлар Грузия, АҚСҲ, ЙХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Европа комиссияси томонидан Россия оккупациясидаги Грузия ҳудудлари деб тан олинган.

Номланиши

[edit | edit source]

Ушбу мамлакатнинг номи грузин тилида — საქართველო (Сакартвело деб ўқилади ва талаффуз қилинади). Ушбу ном тарихий Катли вилоятига бориб тақалади. Кўп тилларда, шу жумладан рус ва ўзбек тилларида кенг тарқалган Грузия сўзи қадимги Гуржан сўзидан келиб чиқган. Гуржан сўзи араб, форс, сурёний ва бошқа тиллардаги тарихий қадимий қўлёзмаларда учрайди. Ушбу сўз, араб ва форс тилларидаги гурж (Гуржистон — бўрилар мамлакати) сўзи орқали пайдо бўлган[1]. Европа ва Америкада кенг тарқалган Георгиа (Жоржия) сўзи олимлар томонидан катта эҳтимол билан Авлиё Георгий номидан келиб чиқиши айтилади[2]. Ушбу мамлакатнинг ўзбек тилидаги номланиши катта баҳс ва мунозараларга бой. Ўзбек тилида ушбу мамлакатнинг икки хил номланиши мавжуд: Грузия ва Гуржистон. Ўзбек тилидаги китоблар, журналлар, газеталар, телевидение ва радиода асосан Грузия атамаси кенг қўлланиб келинади. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида ҳам ушбу мамалакатнинг номи Грузия деб белгиланган. Гуржистон атамаси асосан баъзи ўзбек шоирлари ва ёзувчилари орасида, шунингдек Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги ўзбек тилидаги баъзи ОАВларда тарқалган.

Давлат тузуми

[edit | edit source]
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили

Грузия — демократик республика. 1995-йилда қабул қилинган конституцияга биноан давлат ва ижроия ҳокимият бошлиғи — президент (2018-йил 16-декабрдан Саломе Зурабишвили). У аҳоли томонидан умумий тўғри овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи олий ҳокимият — парламент.

Табиати

[edit | edit source]
Грузиянинг физик харитаси

Грузия табиати хилма-хил. Ҳудуди баланд ва ўртача баландликдаги тоғлар, тепалик, пасттекислик, ясситоғлик ва платолардан иборат. Республиканинг шимоли Катта Кавказ (гуржинча Кавкасиони)нинг ўрта қисми билан банд. Грузиянинг энг баланд нуқтаси — Шҳара тоғи (5068 м). Катта Кавказнинг Грузиядаги ғарбий қисмида карст релеф шакллари учрайди. Шарқида ёш вулкан тоғлари бор. Катта Кавказнинг жанубдаги Колхида ва Ивери текисликларини Лих тизмаси ажратиб туради. Яна ҳам жануброқда Кичик Кавказнинг Грузия қисмидаги ўртача тоғ (2850 м) тизмалари кенглик бўйлаб чўзилиб ётади. Республиканинг энг жанубий чеккаси вулкан тоғлиги (Диди-Абули тоғи, 3301 м) билан банд[3].

Иқлими

[edit | edit source]

Иқлими субтропик иқлим билан мўтадил иқлим орасида. Колхида пасттекислигида денгиз сатҳидан 500 – 600 м баландликкача нам субтропик иқлим (январда ҳарорати 5 — 7 °C) бўлиб, ёғин кўп ёғади (1200 – 2600 мм). Ивери ботиғида январнинг ўртача ҳарорати — 2 °C дан —3 °C гача, қиш билан ёз ҳарорати ўртасида тафовут катта[4], ёғин камроқ (300 – 800 мм). Энг иссиқ ой — август ҳарорати 23 °C — 26 °C. Грузиянинг жанубдаги тоғликда иқлим анча континентал бўлиб, қиши қаттиқ совуқ, озроқ қор ёғади[5].

Фойдали қазилмалари

[edit | edit source]

Фойдали қазилмалардан марганес рудаси (Чиатура кони), тошкўмир (Ткибули, Ткварчели) ва нефт (Колхида ва Ташқи Кахети), Катта Кавказда нодир металл, полиметалл ва сурма-мишяк конлари бор[6]. Қурилиш материаллари (мармар, сланес, семент хом ашёси ва бошқалар) деярли ҳамма жойда учрайди[7].

Ички сувлари

[edit | edit source]
Арагви

Грузия ўзининг хилма-хил маъданли сувлари билан ажралиб туради; бу жиҳатдан дунёда етакчи ўринларни эгаллайди. Маъданли сувлар кимёвий таркиби бўйича гидрокарбонатли, хлоридли, сулфатли ва аралаш гуруҳларга, газ миқдорининг бўлишига қараб карбонат ангидридли ва нокарбонат ангидридли турларга бўлинади. Энг машҳур маъданли сувлари: Боржоми, Саирме, Набеглави, Зваре, Дзау, Лугела ва бошқалар. Грузия дарёлари Қора ва Каспий денгизлари ҳавзасига мансуб. Кура Каспийга, Риони, Ингури, Кодори ва бошқалар. Қора денгизга қуйилади. Грузия гидроэнергия ресурсларига бой. Грузияда кўл кам. Энг каттаси — Паравани (майдони 37 км2); Рица (чуқурлиги 116 м) ва Амткел (чуқурлиги 72 – 122 м). Табацкури, Палестоми ва бошқа кўлларда балиқ овланади.

Тупроқлари

[edit | edit source]

Грузияда қизил, сариқ, қора, қўнғир, жигарранг ва кул тус-жигарранг тупроқлар учрайди. Тоғ ўрмонларида қўнғир ўрмон тупроқ, тоғ ўсимликлари ўсадиган жойларда — тоғ-ўтлоқи тупроқ. Колхида пасттекислигида ботқоқ ва сарғиш кулранг подзол тупроқлар катта майдонни эгаллайди.

Ўсимликлари

[edit | edit source]

Грузияда 4500 турдан кўпроқ гулли ва 10000 га яқин спорали ўсимлик бор. Реликт ва эндемик ўсимликлар (диоскорея, понтия ва Кавказ рододендронлари, шамшод, лавр-олча, хурмо ва б.) кўп. Майдонининг 2/5 қисми ўрмон. Тоғ ўрмонларида эман, граб, каштан, қорақайин, тоғларнинг юқори минтақаларида қарағай, оққарағай, қорақарағай ўсади. Ўрмонларнинг юқори чегарасидан 2800 – 3500 м баландликкача тоғ ўтлоқлари учрайди.

Ҳайвонлари

[edit | edit source]

Катта Кавказнинг ўтлоқ минтақасида тоғ эчкилари — серна, безоар эчкиси, тоғ такаси, қушлардан Кавказ тоғ куркаси (улар), ўрмонларда қўнғир айиқ, асил буғу, элик, силовсин учрайди. Умуман Грузияда сут эмизувчиларнинг 100 га яқин тури, қушларнинг 330, судралувчиларнинг 48 ва балиқларнинг 160 га яқин тури мавжуд. Тбилиси табиий миллий боғи, қўриқхоналар бор.

Аҳолиси

[edit | edit source]

2015-йилнинг 1-январ ҳолатига кўра, Грузия аҳолисининг умумий сони 3 729 500 кишини ташкил этади. 2014-йилда ушбу кўрсаткич 4 483 800 кишини (Абхазия ва Жанубий Осетия ҳисобга олинмаган) ташкил этган эди. 2002-йилги бутундавлат аҳоли сонини санашда, Грузия аҳолиси сони 4 369 579 кишини ташкил этган эди. 1 км2да аҳолининг ўртача зичлиги — 65 кишини ташкил этади. Аҳолининг 60 % кўпроғи шаҳарларда истиқомат қилади.

Мамлакат аҳолисининг асосий қисмини (83,5 %) грузинлар (гуржлар) ташкил этади. Аҳолининг 6,7 % озарбайжонлар, 5,7 % арманлар, 1,9 % руслар ташкил этади. Қолган миллий озчиликлар: осетинлар, абхазлар, езидлар, юнонлар, чеченлар, украинлар ва бошқалар. Грузинларнинг 1,6 миллиони (бутун грузинларнинг 27 %зи) Грузия ҳудудидан ташқарида яшайди.

Грузия давлат тили грузин (гурж) тили. Ушбу тил мамлакатдаги энг кенг тарқалган тил ҳисобланади. Озарбайжон, арман ва рус тиллари ҳам мамлакатда кенг тарқалган. Сўнги йилларда инглиз тили ҳам оммабоп тиллардан бирига айланди.

Эътиқод бўйича аҳолининг асосий қисмини грузин православлари цҳкил этади. Шунингдек мамлакатда протестантлар ва лютеранлар, католиклар ва мусулмонлар мавжуд.

Тарихи

[edit | edit source]
Ираклий ИИ

Археологик қазилмалар бу ерда одам палеолит давридан бошлаб яшаб келаётгани ҳақида маълумот беради. Неолит даврида Грузия ҳудудида матриархалуруғчилик тузуми бўлиб, энеолит даври ва жез даврининг бошларидан (мил. ав. 5 — 3-минг йиллик) патриархал-уруғчилик тузуми шаклланган. Жез даврининг охирларида (мил. ав. 1-минг йилликдан) уруғчилик муносабатлари емирилиб, қулдорлик жамияти юзага келган. Мил. ав. 2-минг йилликнинг охирларида гурж кабилаларининг йирик уюшмалари вужудга келади. Мил. ав. 6-асрда Колхида (Ғарбий Грузия), мил. ав. 5 — 4-асрларда Иберия ёки Картли (Шарқий, қисман Жанубий Грузия) қироллиги ташкил топди. Шундан Грузия номи Сакартвело (картвелилар тилида гурж давлатининг номи) келиб чиққан. 523-йил Эрон Иберияни босиб олиб, бу ерга ўз ноибини тайинлаган. Сосонийлар сулоласи инқирозга учрагач, Иберия Эронга тобеликдан қутулди ва ҳокимият маҳаллий ҳукмдорлар қўлига ўтди. 7 — 8-аср бошларида Грузиянинг деярли ҳамма ерларини араблар босиб олган. Араблар ҳукмронлигига қарши гурж, албан ва арманлар биргаликда кураш олиб бордилар. 8 — 10-асрларда алоҳида-алоҳида қиролликлар (Кахети, Тао-Кларжети, Абхазия қироллиги) вужудга келди. Қиролликлар ўртасида бошланган ўзаро кураш 10-асрнинг 2-ярми ва 11-асрнинг бошларида Грузия ерларини қирол Баграт ИИИ (975 — 1014) бошчилигида ягона давлатга бирлаштириш билан тугади. Қирол Хоэйд „Қурувчи“ даври (1089 — 1125)да Грузия салжуқ туркларига қарши курашиб, Закавказенинг кўпгина қисмини озод қилди. Георгий ИИИ (1156 — 84) ва Тамара (1184 — 1213) Қиролликлари даврида Грузия Яқин Шарқдаги энг кучли давлатлардан бирига айланди, сиёсий-иқтисодий ва маданий равнаққа эришди, 12-асрга келиб, сиёсий ҳокимият марказлаштирилди[8], қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши анча ривожланди, шаҳарларда ҳунармандчилик ва савдо ишлари тараққий этди. Маданият ва санъат ҳам равнақ топди. 1226-йилда хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди Грузияни эгаллади. 13-асрнинг 2-чорагидаги мўғуллар истилоси Грузиянинг сиёсий бирлигига, хўжалигига путур етказди. 14-асрнинг 2-ярмида Грузия Амир Темур қўлига ўтди. 16 — 18-асрларда Грузияга Эрон ва Туркия бостириб кирди. Ички кураш кучайди, натижада Грузия бир неча мустақил давлатга (Картли, Кахети, Имерети қиролликлари ва Самсхе, Гурия, Сванети, Абхазети князликларига) ажралиб кетди. 18-асрнинг 2-ярмидан Картли-Кахети давлати анча кучайди. Ирақлий ИИ энг йирик князликларни ўзига бўйсундириб, давлатни қайтадан тиклаш, хўжалик ва савдо-сотиқ ишларини ривожлантириш йўлида кўп тадбирлар кўрди[9].

17 — 18-асрларда Грузияда адабиёт ва тарихшунослик жонланди, китоб нашр этила бошлади. 18-асрнинг 2-ярмида Россия-Грузия муносабатлари вужудга кела бошлади: 1783-йил Георгиевск шаҳрида Россия билан Картли-Кахети қироллиги ўртасида дўстлик шартномаси тузилди. Бироқ, Россия империяси шартномада белгиланган мажбуриятларини бузиб, 1801-йил Шарқий Грузияни, 1803 — 1864 йилларда Ғарбий Грузияни ҳам босиб олди. Бу эса очиқдан-очиқ босқинчилик эди, мана шу хиёнаткорлик сабабли Имерети қироллиги ва Грузия князликлари тугатилди.

Гурж халқи миллий давлатчиликни тиклаш учун, руслаштириш сиёсатига қарши курашди, бир қанча исёнлар кўтарилди. Шу билан бирга Грузия ерларини қисман бирлаштириш имконияти туғилди.

19-асрнинг 2-ярмидан гурж халқи миллий озодлик ҳаракатининг янги босқичи бошланди. Аммо Грузиянинг миллий давлатчилигини қайта тиклаш масаласи Россиядаги 1917-йил Феврал инқилобидан, айниқса болшевикларнинг Октабр тўнтаришидан сўнг қатъий қилиб қўйилди.

Болшевиклар Россиядаги ҳокимиятни қўлга олганидан кейин Закавказенинг нуфузли сиёсий кучлари Шўро ҳокимиятини тан олмадилар ва 1917-йил ноябрда мустақил бошқарув (Закавказе комиссарлиги)ни ўрнатдилар. Натижада Закавказе Федерацияси шаклланди, бироқ унинг таркибий қисмлари иқтисодий ва сиёсий манфаатлари ҳар хиллиги, шунингдек, Туркия билан муносабатлар кескинлашганлиги сабабли федерация яшашга ноқобил бўлиб чиқди ва тез орада барбод бўлди. Грузия ҳудудининг бир қисми (Батуми, Озургети, Ахалсихе)ни Туркия эгаллаб олди.

Грузиянинг 1-миллий қурултойи томонидан 1917-йилда сайланган ваколатли халқ органи — Грузия Миллий Кенгаши 1918-йил 26-майда мамлакатни мустақил деб эълон қилди ва Грузия Демократик Республикасини тузди. 1919-йил мартда Миллий Кенгаш таъсис мажлисига айлантирилди. Республика ҳукумати давлат чегараларини белгилади, гурж тилини давлат тили деб эълон қилди, мактабларни давлат ихтиёрига олди, давлат бошқарув идоралари ва судлов ишларини ислоҳ қилди, майда миллатлар учун мактаблар очди ва ҳаказо. 1921-йил 21-февралда Таъсис мажлиси Грузия Демократик Республикасининг конституциясини қабул қилди. Бироқ тез орада болшевиклар Россияси Грузия мустақиллигини тан олиш тўғрисида 1920-йил 7-майда ўзи имзолаган шартномани бузди ва 1921-йил 25-февралда Қизил Армия Тбилиси шаҳрини ишғол қилди. Грузия ҳукумати аъзолари чет элга кетишга мажбур бўлди. Грузия яна забт этилди ва болшевиклар ҳукмронлиги даврида 1922-йилдан 1936-йилгача Закавказе Социалистик Федератив Совет Республикаси, 1936-йил 5-декабрдан эса бевосита собиқ СССР таркибига кирди.

Совет ҳокимияти даврида тузилган давлат муассасалари расмий тусда бўлиб, ҳамма иш Москва кўрсатмаси билан қилинарди. Мустабид тузумнинг шафқацизликларига қарамай, гурж халқи миллий мустақиллик учун курашни тўхтатмади, фақат кураш усулларигина ўзгарди. 1924, 1953 ва 1989-йиллардаги ғалаёнлар армия ёрдамида бостирилди. 1990-йил октабрда Грузия Олий Кенгаши мамлакат номини Грузия Республикаси деб аташ тўғрисида қонун қабул қилди, давлат герби, байроғи ва мадҳияси матни ҳамда мусиқаси ўзгартирилди. 1991-йил 9-апрелда Грузия давлат мустақиллиги тикланди. 1991-йил апрелда Олий Кенгаш томонидан Грузия Республикаси президента лавозими таъсис этилди, май ойида З. Гамсахурдиа президент этиб сайланди. 1992-йил январда ички сиёсий кучларнинг қарама-қаршилиги ва аҳоли кўпчилик қисмининг президент олиб бораётган сиёсатдан норозиликлари туфайли шу пайтда тузилган Ҳарбий Кенгаш З. Гамсахурдиани лавозимидан четлаштирди. 1992-йил мартда Ҳарбий Кенгаш тугатилиб, Э. Шеварднадзе бошчилигида Давлат кенгаши ташкил этилди. 1992-йил 11-октабрда бўлиб ўтган умумхалқ сайловларида Грузия Республикаси парламентининг янги таркиби ва раиси, 1995-йил 5-ноябрда мамлакат президента сайланди. Грузия — 1992-йилдан БМТ аъзоси. 1993-йилда у МДҲга аъзо бўлиб кирди. Ўзбекистон билан Грузия ўртасида дипломатия муносабатлари 1992-йил 16-мартда ўрнатилган. Миллий байрами 26-май — Давлат мустақиллиги қайта тикланган кун.

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари

[edit | edit source]

Грузия фуқаролари парламент иттифоқи (раиси Э. Шеварднадзе)[10], Демократик тикланиш иттифоқи (раиси А. Абашидзе), Миллий-демократик партия (раиси И. Саришвили), Социалистик партия (раиси В. Рчеулишвили), Халқ партияси (раиси М. Георгадзе), Лейбористлар партияси (раиси Ш. Нателашвили) ва парламентдан ташқари иш юритувчи яна бир неча партия бор. Эркин касаба уюшма бирлашмалари ишлаб турибди[11].

Хўжалиги

[edit | edit source]

Грузия саноати ва қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакат. Миллий даромадда саноатнинг улуши ўртача 34 %, қишлоқ хўжалиги улуши 29 %. Марганес рудалар, ферроқотишма, пўлат қувур, электровоз, юк автомобиллари, металл қирқиш станоклари ишлаб чиқариш етакчи тармоқлардир.

Саноати

[edit | edit source]
«Боржоми» минерал ичимлик суви

Грузия саноати таркибида кейинги вақтларда оғир саноат тармоқлари муҳим аҳамият касб эта бошлади. Озиқ-овқат саноати ҳам асосий ўринда туради. Енгил саноат, машинасозлик ва металлсозлик тармоқлари яхши ривожланган. Йирик транспорт, электротехника ва вибрация машиналари[12], пайвандлаш аппаратлари, электротехника буюмлари, ҳисоблаш техникаси приборлари, сув ости канотли катерлар ишлаб чиқарилади. Электр энергетикаси гидроэлектр стансиялар ва ёқилғи билан ишлайдиган стансиялардан иборат (Ингури ГЕС, Риони ГЕС, Храми ГЕС ва Тбилиси, Ткварчели ГРЕСлари)[13]. Йилига ўртача 13,4 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. Ткибули ва Ткварчелида кўмир қазиб чиқарилади[14]. Чиатуридаги катта марганес кони негизида кончилик саноати ривожланган. Марнеулидаги мис-полиметалл рудаларини қазиб олиш ва бойитиш асосида янги тармоқ вужудга келтирилди[15].

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Руставида металлургия заводи қуриб, ишга туширилди. Турли қувур ва прокат асосий металлургия маҳсулотидир[16]. Рустави азотли ўғит, капролактам ва синтетик тола заводлари ва бошқа корхоналар кимё саноатини ташкил қилади. Тбилиси, Кутаиси[17]; доля населения, живущего за чертой бедности, — 31 % (2006)[15], Батуми ва бошқа шаҳарларда машинасозлик ва металлсозлик корхоналари, йирик электровозсозлик, автомобилсозлик, станоксозлик, асбобсозлик ва электротехника маҳсулотлари заводдлари мавжуд. Каспи, Руставидаги қурилиш материаллари корхоналари семент[18], шифер, блок, йиғма темир-бетон[19][20], гишт, черепица ва бошқа ишлаб чиқаради. Тбилиси, Кутаиси, Батуми, Гори шаҳарларидаги енгил саноат корхоналарида ипак, жун, ип газлама, трикотаж, чарм поябзал ва бошқа ишлаб чиқарилади. Озиқ-овқат саноатида чой, вино, коняк, шампан винолари, тамаки, сабзавот ва мева консервалари ишлаб чиқариш салмоқли ўрин тутади. Маҳаллий маъданли булоқлардан, айниқса Боржоми булоғидан чиқадиган шифобахш сувларни шишаларга қуйиш йўлга қўйилган[21][22][23].

Қишлоқ хўжалиги

[edit | edit source]

Деҳқончилик — Грузия қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи. Мамлакат жами ҳудудининг 16,1 % га экин эқилади. Энг муҳим экини — чой (66 минг га дан ортиқ). Субтропик зонада ситрус (мандарин, апелсин, лимон), субтропик мевалар (хурмо, анор, мушмула, фейхоа), тунг (юқори сифатли мой олинадиган ўсимлик), асил лавр, бамбук ва бошқа ўстирилади. Токчилик — Грузия қишлоқ хўжалигининг қадимги тармоғи. Грузияда узумнинг 400 дан ортиқ нави бор. Узум асосан Кахети, Имерети ва Рача-Лечхуми туманларида етиштирилади. Резавор мевалар ҳам кўп миқдорда эқилади[10]. Донли экинлардан маккажўхори, арпа, буғдой, техника экинларидан тамаки, кунгабоқар, қанд лавлаги, эфир мойли экинлар, сабзавот ва картошка анчагина майдонни эгаллайди[24].

Чорвачилиги асосан гўшт-сут ва гўштжун етиштиришга ихтисослаштирилган; қорамол, чўчқа, қўй, тоғли туманларда эчки боқилади. Кўпгина туманларда паррандачилик ва пиллачилик ривожланган[11].

Транспорти

[edit | edit source]

Транспорти мамлакат релефи ва иқлимига, гидрография тармоғи, аҳоли зичлиги, ҳаракат тартиби ва жойлашувига мослаб уюштирилган. Электрлаштирилган темир йўл узунлиги — 1,6 минг км га яқин. Умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари узунлиги — 21,6 минг км, жумладан қаттиқ қопламали йўл — 20,3 минг км. Денгиз транспорти ривожланган. Асосий денгиз портлари: Батуми, Поти. Тбилиси, Кутаиси, Сухуми, Батумида аэропортлар, кўпгина туманларда маҳаллий аэропортлар бор. Боку — Батуми нефт қувури, Шим. Кавказ — Озарбайжон газ қувури Грузия ҳудудидан ўтган. Тбилисида метрополитен қурилган. Юк ва йўловчи ташиладиган осма йўллар тизими мавжуд. Грузиядаги иқтисодий беқарорлик ва Грузия — Абхазия можароси оқибатида ташқи савдо таназзул ҳолатига тушиб қолди. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари: Россия, Туркия, Озарбайжон. Пул бирлиги — лари.

Соғлиқни сақлаш

[edit | edit source]

Курорт хўжалиги ва сайёҳликка катта аҳамият берилади. Грузиянинг тоғ ва денгиз иқлими бирга қўшилиб, кўпгина дардларни даволаш учун яхши шароит яратади. Денгиз бўйидаги паст тоғ ва ўрта тоғ минтақалари иқлими ёрдамида даволаш айниқса самаралидир. Бой ва хилма-хил ўсимлик дунёси — қарағай, букигна баргли ва аралаш кенг баргли ўрмонлар табиат қўйнида ҳордиқ чиқариладиган ва соғлиқни тиклайдиган роҳатижон масканлар ҳисобланади. 80 га яқин курортда ҳар йили 2 млн.га яқин киши дам олади. Бир қанча сайёҳлик базалари ва маршрутлари мавжуд. Шифобахш булоқлар, балчиқ ва каре тоғларидан ҳам тиббий мақсадларда фойдаланилади. Энг машҳур курортлари: Гагра, Пицунда, Янги Афон, Сухуми, Махинжаури, Кабуле, Абастумани, Гудаури, Схалтубо, Менжи, Шови, Боржоми ва бошқалар.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари

[edit | edit source]

Қадимги юнон тарихчилари берган маълумотларига кўра, Грузия ҳудудидаги давлатларда маориф антик давр намунасида ташкил этилган. 3-асрнинг 2-ярмида асос солинган Колхида олий риторика мактаби (Колхида академияси) маорифни ривожлантириш соҳасида кўп иш қилди. 4-асрда христианлик давлат динига айлангач, черков ва монастирлар ҳузурида мактаблар очилди. Бироқ, чет эллик истилочиларнинг босқинлари гурж маданияти ривожини узоқ вақт тўхтатиб қўйди. 13-асрга келиб, катта фан ва маориф марказлари — Гелат (Ғарбий Грузия) ва Икалтей (Шарқий Грузия) академиялари барпо этилди. 17-аср 2-ярмидан чет элларда гурж алифбо ва дарёликлари босила бошлади. Грузия давлатчилиги тугатилгач (1801), маориф тизими Россия намунаси асосига ўтказилди. 2000-йил Грузиядаги 3500 дан кўпроқ умумий таълим мактаби ва ўрта махсус ўқув юртларида 850 мингга яқин бола ўқиди. Гурж ва абхаз мактаблари билан бир қаторда рус, арман, озарбайжон ва осетин мактаблари ҳам мавжуд. Грузияда 19 олий ўқув юрти, жумладан Тбилиси ва Сухуми университетлари, политехника, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа институтлар бор. 2000-йил Грузиядаги олий ўқув юртларида 100 мингдан кўпроқ талаба таълим олди. 200 га яқин пуллик олий мактаблар ҳам мавжуд. Асосий илмий кучлар Грузия Фанлар академиясига бирлашган. 2000-йил Грузияда НО музей ишлади.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви

[edit | edit source]

Грузияда 250 газета, 84 журнал ҳамда 200 нашриёт, 13 ахборот агентлиги фаолият кўрсатади. Аммо 15 тача газета ва журнал мунтазам равишда чиқиб туради. Энг йирик расмий газеталари: „Сакарт-велос Республика“, „Свободная Грузия“, „Вечерний Тбилиси“. Ноҳукумат нашрлари: „Кавкасиони“, „Дрони“, „Жоржиан тайме“, „Иверия-экспресс“, „Мимомхилвели“, „Резонанси“, „Ахалгазрда Ивериэли“ ва бошқа газеталар. Грузияда телекўрсатувлар 1956-йилдан бошланган. Давлат телевидение ва радиоэшиттириш корпорацияси, „Сакинформ“ миллий ахборот агентлиги, „Имринда“, „Би-ЭсПресс“, „БГИ“ мустақил агентликлари, „Кавкасиони“, „Ибервизия“ хусусий телекомпаниялари мавжуд.

Адабиёти

[edit | edit source]

Адабиёти халқ оғзаки ижодиёти намуналари ерида пайдо бўлган. Даҳрий Амирани ҳақидаги эпос мил. ав. 3-асрдаёқ маълум бўлиб, унинг кўп нусхалари ҳозиргача етиб келган. Ўрта асрларда „Этериани“ (шаҳзода Абесаломнинг подачи қиз Этерига муҳаббати ҳақида), „Арешидзе князлигининг маҳв этилиши“. „Арсен ҳақида қўшиқ“ достонлари яратилган. Мил. 5-асрда черков адабиёти ривожланди. 10-асрда Георгий Мечулининг авлиёлар ҳақидаги „Григорий Дандзтели тирикчилиги“ (951) асари пайдо бўлди. Қадимги Грузия адабиётида 12-аср тараққиёт даври бўлди. Қаҳрамонлик-ғаройибот ҳикоялари („Америани — Дарёжаниани“), романлар („Висрамиани“), мадҳия достонлари („Абдул-Мессия“, „Тамариани“) пайдо бўлди. Шота Руставелининг „Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон“ достони ҳам шу даврда яратилган.

17—18-асрларда гурж халқи сиёсий бирлашишга интилди. Бу даврда „Афсоналар ҳикмати тўғрисида“ номли масаллар тўпламининг муаллифи Сулхансаба Орбелиани, „Грузия мусибатлари“ достонининг муаллифи Давид Гурамишвили, муҳаббат лирикаси устаси Бесарион Габашвили ижоди салмоқли ўрин тутади. 19-асргача бўлган Грузия адабиётида Шарқ, биринчи навбатда форс адабиёти анъаналарининг таъсири кучли эди. 19-асрнинг 1-ярмида Грузия Россия томонидан босиб олингач, Европа маданияти билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Ёш гурж адиблари романтизм ғоясини дадил қабул қилдилар. Миллий озодлик ва ижтимоий адолат ғояларини куйлаган шоир А. Чавчавадзе 19-аср Грузия адабиётида романтизмни бошлаб берди. Бу анъанани Грузия Орбелиани, Н. Бараташвили давом эттирди. 19-асрнинг 2-ярмидан бошлаб адабиётда реализм тамойиллари пайдо бўлди. Комедиялар муаллифи, Грузия театрининг асосчиси Г. Эристави реализмнинг таниқли вакили эди. 19-аср 60-йилларидаги ижтимоий вазият адабиётнинг равнақ топишига имкон берди. Танқидий реализм адабиётда асосий йўналиш бўлиб қолди. Миллий озодлик ҳаракати ғояларини И. Чавчавадзе куйлади („Шарпа“, „Йўловчи хотиралари“ достонлари, „Инсонми у“ қиссаси ва бошқалар). 19-аср 80-йилларида Грузия адабиётига А. Казбеги ваВажа Пшавела кириб келди. А. Казбеги қиссаларида („Элгужа“, „Падаркуш“, „Хевисбери Гоча“) тоғлик гуржлар ҳаёти ранг-баранг бўёқларда тасвирланган. Важа Пшавела достонлари („Балохўр“, „Меҳмон ва мезбон“, „Алуда Кетелаури“, „Бахтриони“), лирикаси ва насрий асарларида ўша даврнинг фалсафий ва ахлоқий муаммолари ўз ифодасини топди. 19-аср 90-йилларида Грузия адабиётида ижтимоий ҳаётни қайта қуриш масалалари марказий ўринни эгаллади. Э. Ниношвили, Д. Кладиашвили ўз асарларида камбағал қишлоқ ҳаётининг аянчли манзарасини, деҳқонларнинг оғир ҳаётини тасвирладилар. 1917-йил октабрдаги давлат тўнтаришидан олдинги йилларда реалистик адабиёт анъаналарини Ш. Дадиани ва Н. Лордкипанидзелар давом эттирди. Грузияда совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин, бу ерда ҳам пролетар маданияти деб аталган маданиятни қарор топтиришга киришилди, у ҳар қандай ҳодисани тор синфий нуқтаи назардан баҳоларди. Аммо истеъдодли гурж ёзувчилари бундай чекланишни бартараф этиб, ҳақиқий бадиий асарлар яратишди. Булар — Паоло Яшвили, Тициан Табидзе, Григол Рокабидзе, Симон Чиковани, Ирақлий Абашидзе, Ладо Асатиани, Нодар Думбадзе, Михаил Жаваҳишвили, Константине Гамсахурдиа, Поликарпе Какабадзе, Лео Киачели, Георгий Леонидзе, Иосиф Гришашвили ва бошқалар Анна Калондадзе, Григол Абашидзе, Чабуа Амирежиби. Отар Чиладзе асарлари ўқувчилар орасида кенг тарқалган.

Грузия адабиётининг ажойиб н��муналари ўзбек тилига таржима қилинган: Шота Руставелининг „Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон“ достони, И. Абашидзе достонлари, Н. Бараташвили ва бошқаларнинг шеърий асарлари, Н. Думбадзенинг „Абадият қонуни“, „Қуёшни кўраяпман“ романлари ва ҳаказо.

Меъморчилиги

[edit | edit source]

Грузия ҳудудида қадимги манзилгоҳлар энеолит (Шулаверис тепа шаҳар ҳаробаси), жез ва илк темир даври (Нацар тепа, Триалети, Самтавро қўрғонлари)га ��ид. Мсхета акрополи, Вани шаҳри ҳаробалари сақланган (мил. ав. 1-минг йилликнинг 2-ярми ва мил. дастлабки асрлар). Қадимги „дарбази“ типидаги тўғри тўртбурчак тархли ва томи ёғочдан гумбазсимон, поғонали гвир-гвини уйлари кенг тарқалган. Христиан динининг қабул қилиниши (1—5-асрлар), ер эгалиги муносабатларининг ривожланиши натижасида шаҳарлар (Ужарма, Тбилиси) атрофига истеҳкомлар қурилган. Базилика шақлидаги черковлар сақланган (Болнис Сиони, 478 — 493 йил ва бошқа). 6-аср 2-ярмидан маркази гумбазли 4 апсидали бинолар (Жвари ибодатхонаси, Атени Сиони ва бошқалар) қурилди. 10-аср ўрталари ва 13 — 14-асрларда янги шаҳарлар қурилди, кўпгина қад. шаҳарларда қалъалар, йирик монастир ансамбллари, соборлар қад кўтарди. Бинолар тўғри тўртбурчак тарҳли, хочсимон гумбазли, олд томони тоқиравоқли, ўймакори шаклда безатилиб, ички деворлари ва гумбаз остита расмлар туширилди (Кутаисидаги Баграта ибодатхонаси, 10 — 11-асрлар, Мсхетадаги Алаверди ва Светицховели соборлари, 11-аср ва бошқалар). 14 — 18-асрларга оид шаҳар ҳаробалари (Греми, 16-аср ва бошқалар), ибодатхона, монастир, қалъа (Ананури, 16 — 17-асрлар), қўрғон (Хертвиси), карвонсарой, кўприклар сақланган.

19-асрда Грузияни Россия босиб олгач, классицизм услубидаги иншоотлар қурила бошлади. 19-аср 2-ярмида шаҳар меъморлигида эклектизм ҳукмронлик қилган бўлса, 20-асрдан миллий меъморлик шакллари ва мавзулари вужудга келди (Тбилисидаги Грузия дворян замин банки, ҳозирги Республика халқ кутубхонаси, 1912—16, меъмори А. Н. Калгин).

20-асрнинг 20—30-й.ларида бинолар совет конструктивизми руҳида барпо қилинди (санаторий, дам олиш масканлари), анъанавий миллий меъморлик шакллари қўлланди (ЗАГЕС, 1927, меъморлар А. Н. Калгин, М. С. Мачавариани, К. А. Леонтев; Тбилисидаги „Динамо“ стадиони, 1933 — 37, меъмори А. Г. Курдиани).

50—60-йилларда йирик саноат шаҳарлари қурилди (металлурглар шаҳри — Рустави ва б.), Тбилиси ва бошқа шаҳарларда маъмурий бинолар (Тбилисидаги хукумат уйи бош корпуси, 1938 — 53, меъмори В. Д. Кокорин ва Г. И. Лежава, В. Д. Насаридзе иштирокида), театр, ўқув ва спорт иншоотлари, меҳмонхоналар („Иверия“ меҳмонхонаси, 1967, меъмори О. Д. Каландаришвили, И. С. Схомелидзе иштирокида) қад кўтарди. Маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган кўп қаватли уйлар курила бошлади. Йирик шаҳар ва курортларнинг янги бош лойиҳалари ишлаб чиқилди (Схалтубо, Пицунда ва бошқалар). Меъморликда ҳайкалтарошлик, мозаика, рангтасвир, ўймакорликдан фойдаланилди (Тбилисидаги бахт уйи, Тбилиси метрополитени стансиялари ва бошқалар). Кичик шакл меъморлиги (хиёбонлар, дўконлар, обидалар) барпо этиш соҳасида дуруст муваффақиятларга эришилди.

Тасвирий санъати

[edit | edit source]

Мил. ав. 2 — 1-минг йилликда тилла, кумуш, жездан безак буюмлари (заргарлик, рангдор тошлар, металл, тош ўймакорлиги), сиркор, нақшли сопол идишлар ишланган (Триалети қўрғонлари, Самтавро мозори ва Мсхетадан топилган буюмлар). Ўрта асрларда эҳромларга бўртма ҳайкаллар ва ўйма нақшлар ишлаш ривожланган, монументал рассомлик, миниатюра авж олган (Жвари релефлари, Сроми мозаикалари, 7-аср). 10 — 13-асрлар Грузия санъати гуллаган давр бўлди: Кумурдо ва Ошки эҳромлари, Светицховели собори (Мсхета), Атени, Вардзиа, Сванетия черковларидаги девор расмлари (рассом Тевдоре), Гелат монастири асосий эҳромининг мозаикалари, астрономия рисоласи (1188) ва бошқа жозибадорлиги билан диққатни тортади. Металл кандакорлиги Грузия санъатининг муҳим тармоғи: Зарзмадаги „Тирилиш“ (9-аср), „Меҳр“ (11-аср) иконалари, Брили (устаси Асат), Бретидаги олтин бутлар ва бошқалар.

19-асрдан рус санъатининг таъсири кучайди. 19-аср 2-ярми ва 20-аср бошларида баъзи рассомлар ижодида демократик-реалистик йўналиш муҳим ўрин олди, портрет санъати ривожланди (Г. И. Майсурадзе ва б.) ва маиший мавзуга эътибор кучайди: Р. Н. Гвелесиани, А. Л. Беридзе, А. И. Гогиашвили, Г. И. Габашвили, А. И. Мревлишвили, М. И. Тоидзе ва бошқалар. 19-аср охири ва 20-аср бошларида ҳозирги замон Грузия ҳайкалтарошлигининг асосчиси Я. Ш. Николадзе ва рассом Н. Пиросманишвили ижод қилди. Тбилисида ташкил этилган Бадиий академия (1922) Грузия тасвирий санъати ривожига катта ҳисса қўшди. 1950—60 йилларда шу академияни битириб чиққан рассомлар Э. Каландадзе, Г. Кутателадзе, К. Маҳарадзе, Ж. Нижарадзе, Р. ТарханМоурави, Ж. Хундадзе, Н. Игнатов, Т. Тордия ҳамда санъаткорлардан А. Г. Симакуридзе, В. В. Сидамон-Эристави, Д. Н. Какабадзе, аёл рассомлардан Е. Д. Ахвледиани, К. К. Маналашвили, ҳайкалтарошлардан Н. П. Канделаки, С. Я. Какабадзе, театр рассомларидан И. И. Гамреколи, С. Б. Бирсаладзе ва б. ижоди диққатга сазовор. 1950 — 60 йилларда Грузия рассомларининг янги авлоди етишди: Г. Д. Геловани, Э. А. Тотибадзе ва б; А. М. Бандзеладзе, Т. Л. Кубанейшвили ва бошқа графикада, Э. Д. Амашукели, М. И. Вардзенишвили, Д. Микатадзе ва б. ҳайкалтарошликда, И. А. Очиаури, Г. 3. Габашвили, К. Е. Гурули ва бошқа металл ўймакорлигида ижод қилдилар. Зураб Серетелининг монументал асарлари Грузиядагина эмас, АҚШ (Ню-Ёркдаги БМТ биноси ёнида), Россия, Бразилия, Япония, Англия ва бошқа мамлакатларда ҳам ўрнатилган.

Мусиқасига оид дастлабки маълумот мил. ав. 8-асрдан бошланади. Халқ мусиқаси хилма-хил шакл, услуб ва жанрларда, бир овозли куйлар билан бирга кўп овозли йўллари ҳам мавжуд. Картули, перхули, хоруми каби халқ рақслари, чонгури, пандури, чанги (чертма-торли), чунири (торли-камонли), саламури (найсимон), гудаствири (дамли), доли, дайра (урма) сингари халқ созлари қадимдан маълум.

Кўп овозли халқ қўшиқлари таъсирида черков мусиқаси вужудга келган (14-аср). 18-асрдан шаҳар ҳунармандлари мусиқаси пайдо бўлган. 19-асрдан композиторлик мусиқа маданияти ривожлана бошлади. Тбилисида опера театри (1851), камер ва симфоник консертлар ташкил этилган, хор курслари ва мусиқа мактаби (1886-йилдан мусиқа билим юрти) очилган. Ф. Я. Коридзе, 3. П. Палиашвили, гурж мусиқий фолклоршунослиги асосчиси Д. И. Аракишвили ва бошқа халқ қўшиқларини тўплаб нашр этишган. 1905-йилда Грузияда филармония жамияти тузилган. 1904-йил Д. И. Аракишвили биринчи миллий опера — „Шота Руставели қақида қисса“ни яратди. 1919-йил З. П. Палиашвилининг „Абесалом ва Этери“ операси, В. И. Долидзенинг „Кето ва Коте“ ҳажвий операси саҳнага қўйилди. 1917-йил Тбилисида консерватория очилди. 1919-йил опера студияси очилиб, унда рус ва Ғарбий Европа композиторларининг опералари саҳналаштирилди. 1922-йилда 2-консерватория очилиб, миллий опера ривож топди. З. П. Палиашвилининг „Даней“, И. Р. Токиелининг „Қизил қалпоқча“ ва „Биллур кавушча“, Н. Л. Мамисашвилининг „Мақтанчоқ қуёнча“ каби болалар опералари яратилди (бу опералар янги тахрирда 60-йилларда саҳнага чиқди). А. Д. Мачавариани, С. Ф. Синсадзе, А. М. Баланчивадзе каби композиторлар жаҳон классик адабиёти асарлари асосида балетлар яратишган. 1930-йиллар охиридан симфоник жанр етакчи бўлиб қолди. 40 — 50-йиллар охири О. В. Тактакишвилининг 1симфонияси билан фортепиано консерта, А. Д. Мачаварианининг скрипка консерти (1949) ва бошқа асарлар яратилди. Ш. Мшвелидзенинг „Тариэл ҳақида афсона“ эпик монументал операси Грузия мусиқий театрининг йирик асаридир. О. Такишвили, Р. Лагидзе, Г. Сабадзе, С. Насидзе, Г. Канчели ва бошқа композиторларнинг асарлари кўп мамлакатларда машҳур. Грузия ҳар доим истеъдодли дирижёр, хонанда ва созандалар билан донг таратган (Е. Микеладзе, О. Димитриади, С. Инашвили, Н. Кумсиашвили, Д. Бадридзе, Д. Гамрекели, Д. Андгуладзе, Н. Ҳарадзе, М. Накашидзе, П. Амиранашвили, 3. Соткилава, М. Касрашвили, П. Бурчуладзе, Э. Вирсаладзе, ��. Торадзе, Л. Исакадзе, З. А. Анжапаридзе, Н. Брегвадзе, В. Кикабидзе, Т. Гвердсители ва бошқалар).

Театри

[edit | edit source]

Грузиядаги қадимги ҳосил байрами ўйинларида театр унсурлари бўлган. Мил. ав. 2-минг йиллик ўрталарига мансуб кумуш буюмларда ниқоб тақиб ўйинга тушаётган кишилар тасвирланган. Шу ўйинларнинг унсурлари кейинчалик берикаоба деб аталган ниқобли халқ театрига ўтган. Унинг томошаларида халқнинг эрксеварлик руҳи, зулмга қарши кураши акс этган. Ксеноба деб аталган оммавий халқ карнавал байрамлари гуржларнинг ажнабий босқинчиларга қарши курашини акс эттирган. Ўрта асрларда черковнинг қувғинига қарамай, сахиоба деб аталган сарой театри ривожланди. У афсонавий, ишқий ва ҳажвий томошалар кўрсатарди. 18-асрнинг 2-ярмига келиб, театр мактаби таркиб топди. Грузия профессионал театри чор ҳукумати томонидан 1856-йилда ёпилди. Профессионал театр асосчиси драматург Г. Эристави эди. 1879-йил И. Чавчавадзе ва А. Серетели каби ёзувчилар Тифлис ва Кутаисида профессионал театрларни ташкил ғилишди. В. Абашидзе, В. С. Алексии Месхашвили, Н. Габуния, К. Месхи, В. Гуния ва бошқалар ўша йилларнинг йирик актёрларидир. 90-йилларда Тифлис, Батуми, Кутаисида халқ театрлари вужудга келди. 1921-йил Тбилисида Ш. Руставели номидаги театр, 1928-йил Кутаисида К. А. Маржанишвили бошчилигидаги театр ташкил этилди (1930-йил Тбилисига кўчиридди, 1938-йилдан К. А. Маржанишвили номи билан аталди). 1939-йил Ш. Руставели номидаги Г. давлат театр институти вужудга келган. В. Анжапаридзе, А. Васадзе, В. Д. Годзиашвили, У. Чхеидзе, А. Хорава, Н. Вачнадзе, Т. Чавчавадзе, С. Чиаурели, К. Кавсадзе, Р. Чхиквадзе, Г. Кавтарадзе, С. Закариадзелар Г. театрининг йирик арбобларидир. М. Жапаридзе, М. Чахава, К. Маҳарадзе, Л. Иоселиани ва бошқа актёр ва режессорлар театрга кейинги йилларда кириб келди. Грузияда опера, оперетта ва мусиқа театрлари, болалар театрлари машҳур. Грузияда 38 та давлат ва ўнлаб халқ театрлари мавжуд. Сухуми, Рустави, Гори, Схинвали, Чиатура, Телави, Поти, Маҳарадзе, Зугдиди, Ахалсихе ш.ларидаги театрлар шу жумлага киради.

Киноси

[edit | edit source]

1908-йил тасвирчи В. Я. Амашукели суратга олган ҳужжатли филмдан бошланган. Грузиянинг биринчи бадиий филми „Роҳиба“дир. 1921-йил „Арсен Жоржиашвили“, 1923-йилда „Қизил шайтончалар“ филмлари экранга чиқди. „Уч ҳаёт“ (И. Перестиани), „Ким айбдор“ (А. Суцунава) филмлари 30 — 40-йилларда яратилган. А. И. Бек-Назаров, И. Перестиани, Н. Шенгелая, А. Суцунава, М. Чиаурели, К. А. Маржанашвили каби режессорлар, Н. Вачнадзе, М. Геловани ва б. актёрларнинг Грузия кинематографиясининг юзага келишида хизматлари катта. "Георгий Саакадзе (М. Чиаурели), „Кўприк“ (С. Пипинашвили) филмлари иккинчи жаҳон уруши йиллари экранлаштирилди. „Ниначи“, „Икки океан сири“, „Оқ карвон“, „Ёлбориш“ каби филмлар кейинги йиллар маҳсули. Реж. М. Чхеидзе ишлаган „Солдат отаси“ филми Грузия киносининг ютуғи ҳисобланади. Грузия кинематографчилари қисқа метражли филмлар устаси сифатида ном чиқарган.

Гурж киносининг юксалиши ҳамда ажойиб филмларнинг яратилиши 50 ва 60-йилларда кинога кириб келган режессорлар номи билан боғлиқ. 50-йиллардан бошлаб уларнинг асарлари турли халқаро кинофестивалларда 100 дан ортиқ ҳар хил мукофотларга эга бўлди. „Луржа Магдани“ (1955, режиссор Т. Абуладзе, Р. Чхеидзе), „Солдат отаси“ (1964, режиссор Р. Чхеидзе), „Сенинг фарзандинг , Ер“ (1980, режиссор Р. Чхеидзе), „Ёлбориш“ (1968, режиссор Т. Абуладзе), „Тўй“ (1964), „Соябон“ (1967, режиссор М. Кокобадзе), „Пиросмани“ (1968, режиссор Э. Шенгелая), „Ғаройиб кўргазма“ (1968, режиссор Э. Шенгелая), „Биринчи қалдирғоч“ (1975, режиссор Н. Мчедлидзе), „Эзгулик дарахти“ (1976, режиссор Т. Абуладзе), „Поғона“ (1986, режиссор А. Рехвиашвили), „Сурам қалъаси тўғрисида афсона“ (1986, режиссор С. Паражанов), „Тавба-тазарру“ (1987, режиссор Т. Абуладзе) ва бошқа филмлар шулар жумласидандир.

Кейинги йилларда Тбилиси театр институтининг кино факултетини битириб чиққан санъаткорлар томонидан яратилган „Авлодлар даъвати“ (1981, режиссор Г. Чохели), „Робинзониада ёки инглиз бобом“ (1986, режиссор Н. Жоржадзе), „Тилла қўнғиз“ (1988, режиссор Д. Жанелидзе), „Сергаклар куёши“ (1991, режиссор Т. Баблуани) ва бошқа филмлар халқаро кинофестивалларда юксак эътиборга сазовор бўлган.

Ҳозир Грузияда бир неча мустақил киностудия ва „Грузияфилм“ киноконсерни мавжуд. 1991 — 2001-йилларда А. Сабадзе, Д. Синсадзе, Н. Жанелидзе каби режессорлар нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлдилар.

Ўзбекистон — Грузия муносабатлари

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Гурам Гумба. Значение терминов «Грузия» и «Сакартвело» в средневековых источниках
  2. Перадзе, Грегорй. «Тҳе Пилгримс' дериватион оф тҳе наме Георгиа». Георгиcа, Аутумн, 1937, нос. 4 & 5, 208—209
  3. Очерки истории Грузии. Т. И. Глава 1. Грузия. Физико-географический обзор. Д. А. Хахутайшвили
  4. Агенcй оф Протеcтед Ареас[сайт ишламайди]
  5. Кавказский узел
  6. Природоохранная организация Наcрес, 2012-06-25да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-12
  7. Фауна Грузии: Возвращение леопарда, 2009-03-28да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-12
  8. „Тифлисская операция 1921“. БСЭ. 2012-йил 27-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 12-апрел.
  9. Андоза:Нп5. А Модерн Ҳисторй оф Георгиа. Лондон: Wеиденфелд анд Ниcолсон, 1962 — 38-бет. 
  10. 10,0 10,1 британниcа.cом
  11. 11,0 11,1 ҳттп://www.cлевеландфед.орг/ресеарч/Инфлатион/Wорлд-Инфлатион/индех.cфм, 2008-09-15да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-12 {{cитатион}}: Эхтернал линк ин |титле= (ёрдам)
  12. Грузия (справочная информация) // МИД РФ, 18 февраля 2009
  13. CИА — Тҳе Wорлд Фаcтбоок — Cоунтрй Cомпарисон :: Натионал продуcт реал гроwтҳ рате (Wайбаcк Мачине сайтида 2017-07-01 санасида архивланган) // CИА; 200 место из 213 по днамике ВВП
  14. Россия уладила с Абхазией конфликт вокруг Ингурской ГЭС // Лента.ру, 22 января 2009
  15. 15,0 15,1 Георгиа, 2015-10-16да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-12
  16. Конфликт в Осетии и Грузии: война против развития // Время новостей, 22 августа 2008
  17. Эмплоймент анд Унемплоймент // Геостат.ге
  18. Грузинские заводы ҲеиделбергCемент в 2007 г увеличили производство цемента на 25 %, стройреc.cом.уа, 27/02/2008, 2009-01-10да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-12 {{cитатион}}: но-бреак спаcе чараcтер ин |титле= ат поситион 81 (ёрдам)
  19. Фаcтбоок: Георгиа // ЦРУ
  20. А. Г. Егиазарян «Грузия: структурные проблемы и турецкая экономическая экспансия (1994—2007)» (Wайбаcк Мачине сайтида 2010-10-11 санасида архивланган) // РЕГНУМ, 2007
  21. «Грузия на грани дефолта» // Взгляд, 31 марта 2011
  22. Внешний долг Грузии составил 3631.9 млн долларов // Бизнес Грузия, 31 марта 2011
  23. Банки.ру | Совокупный внешний долг Грузии достиг во ИИ квартале 10,5 млрд долларов / Лента новостей / Лента новостей
  24. Эхтернал Траде // Геостат.ге

Ҳаволалар

[edit | edit source]